Шошилинч хабар
19 январ 2019, Тошкент вақти: 03:40

100 минг сўмлик пулни босиш бошланди. Унинг Наврўзда муомалага киритилиши кутилмоқда


Каримов даврида ўзбекистонликлар 100 АҚШ долларига алмаштириш учун қарийб ярим килолик сўм қопини кўтариб юришга мажбур бўлган эди.

Ўзбекистон пул сиëсатига бевосита алоқадор мулозимларнинг Озодликка билдиришича¸ 2018 йилнинг 28 декабрида президент Шавкат Мирзиëев 100 минг сўмлик янги банкнот босиб чиқариш тўғрисида топшириқ берди, тегишли фармонни имзолади.

Молия тизими бошқарувига яқин мулозим¸ Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан шундай таклиф ишлаб чиқилиб¸ унинг ўтган ой Сенатга тақдим этилганини билдирди.

Президент фармони ижросига алоқадор расмийнинг айтишича¸ 100 минг сўмлик янги банкнотнинг Наврўз арафасида муомалага киритилиши кутилмоқда.

“100 минг сўмлик банкнотни босиш бошланди”

Бу ҳақда Озодликка жараëнга бевосита алоқадор давлат мулозими маълум қилди. Бу янгиликни очиқлашга ваколати йўқлиги боис шахси сир тутилишини сўраган мулозимнинг айтишича, янги банкнотларнинг 0000001 рақамли серияси босиб чиқарилган. Пул босувчи дастгоҳдан эндигина чиққан бу янги пуллар ҳукумат раҳбарларига тақдим этилади.

“Президент Олий Мажлисга мурожаат қилган куни (28 декабрь – таҳр.) 100 минг сўмлик пул чиқариш ҳақидаги буйруққа қўл қўйдилар. Шундан кейин сразу станок ишга тушди”¸ деди жараëнга алоқадор мулозим.

(Озодлик ҳозирча янги 100 минг сўмлик банкнотлар суратини кўргани йўқ.)

Ўзбекистон молия тизимида ишловчи бошқа бир мулозим¸ 100 минг сўмлик янги купюраларни босиб чиқариш таклифи ва унинг дизайни Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан Олий Мажлис Сенатига тақдим этилганини тасдиқлади.

2018 йил 13 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси иш бошлаган ва унда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала муҳокама қилинган эди.

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ 100 минг сўмлик купюра чиқариш таклифи ана шу мажлис доирасида қабул қилиниб¸ сўнгра президентга тақдим этилган.

Олий Мажлис Сенатининг Озодлик боғланган расмийлари бу хабарни тасдиқлаш ëки инкор этиш ваколатига эга эмасликларини билдирдилар.

“100 минг сўмликдан сўнг¸ деноминация бўлади”

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон пул сиëсатига алоқадор мулозим¸ 100 минг сўмлик купюрадан сўнг бошқа катта пул чиқмаслиги¸ сўм деноминация қилинишини билдирди.

“100 минг сўмлик купюра Ўзбекистонда босиб чиқарилаëтган 16- пул бўлади – 17-си бўлмайди. Ундан кейин пул алмашади. Иккита ноль олиб ташланиб¸ энг катта банкнот 1000 сўмлик бўлади”¸- деди жараëнга алоқадор Тошкент мулозими.

Ўзбекистонда 50 минг сўмлик банкнотлар 2017 йилнинг 22 августидан муомалага чиқарилган эди. Миллий пул бирлигининг энг катта купюраси қадри АҚШ долларига нисбатан 2019 йилнинг 10 январидаги расмий курсга биноан¸ 6 долларни ташкил этади.

100 минг сўмлик (тақрибан 12 доллар – таҳр.) купюранинг муомалага киритилиши¸ банк-молия тизими мутахассиси фикрича¸ «одамларнинг вақтини¸ қолаверса¸ қоғоз ва бўëқни тежашга» хизмат қилади.

50 минг сўмликнинг муомалага киритилиши ҳақида берган расмий хабарида Марказий банк “ўртача иш ҳақи миқдорининг ошиб бориши ҳамда аҳолига иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни тўлашда, шунингдек, нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилгани”ни таъкидлаган эди.

Айни пайтда¸ Марказий банк “муомалага йирик банкнотларнинг чиқарилиши иқтисодиётдаги пул массасининг ўзгаришига олиб келмайди ҳамда инфляция даражаси ва нархлар барқарорлигига таъсир кўрсатмайди”¸ дея баëнот берган эди.

Озодлик гаплашган мутахассислар¸ бу баëнотни 100 минг сўмлик купюралар чиқарилишига нисбатан ҳам қўллаш мумкинлигини билдирдилар.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG