Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 07:27

Самарқанддаги мактаб директорларига, саводини текшириш учун, диктант ёздирилди


Самарқандлик мактаб директорлари диктант ёзмоқда. Тингловчи жўнатган сурат. Самарқанд шаҳри, 2018, 9 ноябрь.

9 ноябрь, жума куни Самарқанддаги 9- мактабда шаҳардаги умумтаълим мактаблари директорларига диктант ёздирилди.

Диктант ёзишга қатнашган директорлардан бири бу тадбир вилоят Халқ таълими бошқармаси буйруғи билан ўтказилганини айтса, бошқа бир директор диктантни ўз хоҳишлари билан ёзишганини айтди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати самарқандлик мактаб директорларига диктант ёздирилганидан хабарсиз эканлигини Озодликка билдирди.

Ўтган ойда Самарқанд вилоят, Булунғур туман Халқ таълими бўлими мудирининг имло хатоларга тўла хати ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар объектига айланган эди.

Самарқандлик директорларга диктант ёздирилгани Озодликка шу тадбирда иштирок этганлардан биридан келган хатдан маълум бўлди.

Хатда, жумладан, бундай дейилган:

“Самарқанд вилоятидаги мактабларнинг барча раҳбарларидан диктантлар олинмоқда. Конвертга печатланган 200 сўздан иборат матндан иборат диктант олинди. Диктант олинишида ҳар бир раҳбар биттадан партага ўтириб, фақат ўзи ёзиши таъминланди. Видеокамера хам ташкил этилиб, қонуний ўтаётгани видеога олиб борилди. Шу ўқув йилида яна 3 марта диктант олиниши айтилди ва йил охирида шунга қараб баҳо берилиши айтиб ўтилди”.

Имзосиз келган, лекин ёши катта эркак ва аёллар спорт залига ўхшаш катта хонада ёзиб ўтиргани акс этган суратлар илова қилинган бу хатдаги маълумотларни Самарқанд шаҳридаги икки мактаб директори тасдиқлади.

Директорлар диктант ёзмоқда
Директорлар диктант ёзмоқда

Ўзини таништирмаган биринчи директор (эркак киши) диктантни мактаб директорлари 9- мактабда 9 ноябрь, жума куни ёзганини айтиш билан чекланди. Бошқа саволларга жавоб беришни истамади.

Яна бир директор ҳам (аёл киши, у ҳам ўзини таништиришни истамади) кўпроқ маълумот билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, директорларга диктантни ўзбек ёки рус тилида ёзишни танлаш ҳуқуқи берилди:

“Мен рус тили ўқитувчиси бўлганим учун рус тилида ёздим. Менга ўхшаганлар 17 киши экан. Ҳаммамиз рус тилида ёздик. Бошқалар ўзбек тилида ёзди”.

Бу гапларни айтган директор “диктант фақат вилоят марказидаги директорларга ёздирилдими ёки тадбир вилоят бўйича ўтказилдими”, деган савол жавобини билмаслигини айтди.

“Диктантни ўз хоҳишимиз билан ёздик, саводхонлигимизни текшириб туришимиз керакку, ахир, тўғрими?” деди директор.

Қаердан пайдо бўлиб қолди бундай истак, деган саволни директор аёл жавобсиз қолдирди.

Диктант тўғрисидаги хабарни жўнатганнинг ёзишича, бундай диктант “Ўтган йили ҳам олинган ва раҳбарлар неча баҳо олгани айтилиб уялтирилган эди”.

Бироқ 13 ноябрь куни Озодлик мулоқот қилган икки директор бундай тадбир биринчи марта ўтказилганини айтди.

Диктантда нечта хато қилибсиз, деган саволга ҳар иккала директор "Ҳали натижа чиққани йўқ", деб жавоб берди.

Директорларнинг саводхонлигини текшириш зарурати қаердан пайдо бўлиб қолганини сўраш учун Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати Самарқанддаги тадбирдан хабари йўқлигини, бироқ масалани ўрганиб, Озодликка Telegram орқали 1 соат ичида информация беришни ваъда қилди. Ушбу хабар ёзилаётган дақиқаларда ваъда берилган вақтдан камида 3 соат ўтди, лекин жавоб келмади.

Ўтган ойда Самарқанд вилоят, Булунғур туман Халқ таълими бўлими мудирининг имло хатоларга тўла хати ЎзА мухбири томонидан кескин танқид қилингач, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар объектига айланган эди.

Булунғур туман Халқ таълими бўлими мудири ёзган хат. Сурат ЎзАдан олинди.
Булунғур туман Халқ таълими бўлими мудири ёзган хат. Сурат ЎзАдан олинди.

Тилга олинган агентликнинг 17 октябрда хабар қилишича, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўз хатида кўплаб имло хатоларига йўл қўйган “Булунғур туман халқ таълими бўлими мудири А.Умрзоқов ҳамда бўлим ходими Ф.Муродовга ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарагани учун интизомий жазо чораси қўллаш” белгиланган. Жазонинг нимадан иборат эканлиги хабарда айтилмаган..

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG