Шошилинч хабар
19 январ 2019, Тошкент вақти: 03:45

Оқдарёлик аёл уни калтаклаган ва видеога олганлар қаттиқроқ жазоланишини талаб қилмоқда (ВИДЕО)


Фермер томонидан калтакланган Феруза Убайдуллаева

Самарқанд вилоят, Оқдарё туман, Янгиобод маҳалласида яшайдиган Феруза Убайдуллаева иш берувчиси - маҳаллий фермернинг укаси уни ерга ётқизиб қийноққа солгани, яланғоч қилиб ечинтиргани, интим ҳаракатлар қилмоқчи бўлгани, лекин суд уларга жуда енгил жазо берганидан 28 декабрда Озодликка шикоят қилди.

Янгиқўрғон МФЙ раиси Озодликка Феруза Убайдуллаева айтаётган, 26 октябрда содир бўлган воқеани ўз кўзи билан кўрганини айтди.

Убайдуллаеванинг калтакланиши юзасидан тергов суриштируви олиб борган терговчи даъвогарда қўшимча маълумотлар пайдо бўлган бўлса, ариза билан мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.

Оқдарёлик аёл уни калтаклаган ва видеога олганлар қаттиқроқ жазоланишини талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:44 0:00
Бевосита линк

28 декабрь куни Озодликка келиб тушган видеотасвирда бир эркак бир аёлни юз тубан ётқизиб, устига тиззасини қўйиб қийноққа солаётгани акс этган.

Озодликнинг аниқлашича, бу воқеа 26 октябрь куни эрта тонгда даги "Қум ота фермер хўжалиги" даласида бўлиб ўтган. Қийноққа солинаётган аёл Феруза Убайдуллаева бўлиб, унинг айтишича, қийнаётган эркак иш берувчиси Зиёдилло Ўроқовнинг укаси Ихтиёрдир.

Оқдарëлик аëл фермер уни таҳқирлаганини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00

​"Фермер йил бўйи ишлатиб, иш ҳақимни беришдан бош тортди"

Оқдарё тумани Янгиқўрғон ҚФЙнинг Янгиобод маҳалласида яшайдиган, уч боланинг онаси 35 яшар Феруза Убайдуллаеванинг Озодликка айтишича, у оғзаки шартнома асосида йил давомида “Қум ота бува” фермер хўжалиги ерида эри билан бирга ишлаган, лекин фермер уни алдаган:

- Фермер Зиёдилла Ўроқов 15 гектар ерга семичка эктирди. Биз шартнома билан ўша ерда ишладик. У иш ҳақи бераман деган эди. Семичкани етиштириб ҳам бердик. Кейин буғдойнинг ўрнига мош экиб бердик. Энди иш ҳақимизни беринг десак, ярмини бердию, ярмини бермади. Қолганини беролмайман, буғдойни ўрнига бўшаган ерга мош экиб олинглар, деди. Ўртада низо чиқди.

"Прокурор ёрдамида иш ҳақимнинг ярмини олдим"

Иш ҳақини ололмаган Феруза Убайдуллаева шундан сўнг прокуратурага мурожаат қилганини айтади:

- Прокуратура иш ҳақимизни ярмини ундириб берди. Фермер қолганини ана бир гектарга мош экинглар, ўшандан чиқариб оласизлар, деб айтди. Раис мана шу бир гектар сизларники деб, ўзи кўрсатиб берган эди. Кейин биз пахта тердик. Мош ҳам пишди. 26 октябрь куни кундузи бориб, ўзимизга берилган жойдан бир арава мош олиб келдик. Ўша куни ҳаво айниди, ёмғирда қолмасин деб эрим билан тонг азон бориб олиб келаётганимизда фермернинг укаси Ихтиёр ва Бахтиёрлар бизни тўхтатди.

"Фермернинг укалари прокурорга ёзганим учун мендан қасд олишди"

Ферузанинг айтишича, шундан сўнг фермернинг укалари уларни ўғриликда айблаб, шафқатсиз калтаклашган:

- Улар менга сен акамни прокуратурага ёзиб бергансан, мош олиб кетмайсан, мана буни олиб кетасан, деб олдини кўрсатди. Мен уларга, сизлар билан келишмаганман, раис билан келишганман, ҳозир раисга телефон қиламан деб турганимда Ихтиёр қўлимни қайириб телефонни олиб қўйди. Кейин иккиси хўжайинимга ёпишиб, роса калтаклади. Хўжайиним уларнинг қўлидан зўрға қутулиб чиқдида, ҳозир учатковойни олиб келаман, деб кетди. Мен ҳам унинг ортидан кетаётсам, мени ушлаб қолишди.

"Ўзимни ўлдирадиган даражагача таҳқирлашди"

Феруза шундан сўнг ака-укалар уни таҳқирлашганини айтади:

- Ихтиёр дегани мени ерга ётқизиб, қўлимни қайириб олиб, устимга тиззасини қўйиб қийнай бошлади. Кўкрагимни қўллари билан эзғилаб, моматалоқ қилиб ташлади. Бошимга ва бошқа жойларимга тепиб ташлади. Энг даҳшатлиси олдини очиб, анавунисини чиқариб, оғзингга оласан деб, ёмон қилиқлар қилди. Кейин кийимларимни йиртиб, ечиб ташлади. Жон акалар ундай қилманглар, шарманда қилманглар деб ялинишимга қарамай, шундай қилишди. Ҳатто номусимга ҳам тажовуз қилмоқчи бўлишди. Роса масхара қилиб, кейин устивошимни кийгизиб, қўлимни ва оёғимни боғлаб қўйишди.

"Боғланган қўл оёғини ўзим ечдим"

Янгиқўрғон МФЙ раиси Турғун Тўраевнинг Озодликка айтишича, у Феруза Убайдуллаеванинг қўл-оёғини участка нозири билан воқеа жойига етиб келгач, ечган:

- Мош ўғриси қўлга тушди, деди. Борсак шу Феруза экан. Оёқ-қўлини боғлаб қўйишган экан. Қарасам, аҳволи ёмон. Кейин ўзим скорий чақириб, ўзим касалхонага олиб бордим. Лекин уларнинг жанжалида ким ҳақ эканлигини билмайман. Прокуратура аралашганидан сўнг, Ферузанинг иш ҳақи менинг гувоҳлигимда фермердан унга олиб берилган.

Фермер Озодлик билан гаплашишни истамаяпти

Озодлик икки кун давомида “Қум ота бува” фермер хўжалиги раҳбари Зиёдилло Ўроқов билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо, у қўнғироқларга жавоб бермади.

Суд ва жазо

Озодликда нусхалари мавжуд ҳужжатлардан англашинилишича, Зиёдилло Ўроқовнинг укалари Бахтиёр, Ихтиёр Ўроқов ва Феруза Убайдуллаева ҳамда унинг эри Шерхон Элбековга нисбатан тўпланган маъмурий иш 4 декабрь куни Оқдарё тумани маъмурий суди мажлисида кўриб чиқилган.

Ака-ука Ўроқовлар Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддаси(ҳақорат қилиш), 52-моддаси 2-қисми(енгил тан жароҳати етказиш) билан айбли деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жаримага тортилган.

Суд қарорида, "Ўроқов Бахтиёр ва Ўроқов Ихтиёрлар Убайдуллаева Феруза билан ўзаро келиб чиққан келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, уни ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган ва қасддан уриб, унга енгил тан жароҳати етказган"и ёзилган.

Феруза Убайдуллаева ва унинг эри Ўзбекистон МЖтКнинг 61 моддаси 1-қисми (оз миқдорда талон-тарож қилиш) билан айбланиб, уларга энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жазо чораси тайинланган.

Қарорда, "Элбеков Шерхон ва Убайдуллаева Феруза "Қум ота бува" фермер хўжалигига тегишли бўлган, ҳар килограмми етти минг сўм бўлган, жами 140 килограм, умумий қиймати 980 минг сўмлик мошларни ўғирлаб, оз-моз миқдорда талон-тарож қилган", деб ёзилган.

Маъмурий суд қарори
Маъмурий суд қарори

"Мен ўғри эмасман, мен иш ҳақимни олган эдим"

Феруза Убайдуллаеванинг айтишича, суд уни "ваҳшийларча калтаклаган ва аёллик номусини таҳқирлаган" ака-укаларга нисбатан жуда ҳам енгил жазо берганидан у норози:

- Судга ака-укалар мени қийнаган видеони улар тарқатиб юборишибди, ўшани ҳам далил сифатида топиб кўринг, десам, суд делода бу йўқ деб отказ қилди. Ҳозир ака-укалар менга ҳеч нарса қилолмайсан, ҳаммасини оғзини пул билан ёпганман, деб керилиб юрибди. Улар учун ҳамма нарса мумкинми, мен фақат ўз иш ҳақимни олиб келаётган эдим. Мен ўғрилик қилганим йўқ, мен бировнинг ҳақини еганим йўқ. Нега суд буларни суриштирмади, нега гувоҳларни чақириб, суриштирмади? Бойлар ночор камбағаллар устидан хоҳлаган ишини қилса бўлар эканми? Маҳаллада бош кўтаролмай қолдим, оилам олдида шарманда қилишди булар. Ака-укалар агар шикоят қилишдан тўхтамасанг, яланғоч видеоларингни ҳам тарқатиб юборамиз, деб менга босим ўтказишяпти. Ўша куни уч-тўрттаси видеога олаётганини эслайман.

"Иш судга оширилганда бу видео йўқ эди"

Бу воқеа юзасидан тергов суриштируви олиб борган Оқдарё тумани ички ишлар бўлими терговчиси Азиз Нозимовнинг Озодликка айтишича, суриштирув давомида у бу видеони кўрмаган:

- Ўша ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилганмиз. У видео ўша пайтда йўқ эди. Суд шу қарор асосида ишни кўриб чиқиб, қарор қабул қилди. Агар даъвогар томонда қўшимча маълумотлар пайдо бўлган бўлса, марҳамат, яна ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG