Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 07:07

Меҳнат вазири: Ҳар йили 1,5 миллион ўзбекистонлик Россияга ишлагани кетмоқда


Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев хорижга ишга юбориш тизимида монополия ўрнатилгани ва бу ҳол коррупцияга олиб келаётганини тан олди. Бир қатор матбуот нашрлари хабарига кўра, вазир бу ҳақда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маълум қилган. “Ҳар йили 1,5 миллион Ўзбекистон фуқароси Россияга ишлаш учун кетади. Уларнинг 99 фоизи эса тартибсиз равишда кетади. Чунки шу пайтгача давлатнинг ўзи бу жараённи тартибли қилишга рухсат бермаган. Бу иш билан фақат битта агентлик шуғулланган. Бу ўз-ўзидан кўриниб турган монополия. Монополия бор жойда эса коррупция бўлган”, деган Ш. Кудбиев. Қайд этилишича, фуқароларни хорижга ишга юбориш ишига хусусий бандлик агентликларини жалб этиш режалаштирилган. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги узоқ йиллар давомида Россияда ишлаётган ватандошлар сонини камайтириб кўрсатиб келган. Амалдаги вазир эса илк бор бир йилнинг ўзида мамлакатдан 1,5 миллион киши Россияга ишга кетаётганини тан олмоқда. Вазир рус диёридаги ўзбек меҳнат муҳожирларининг умумий миқдори қанча эканига ойдинлик киритмаган.

XS
SM
MD
LG